Чеченистон раҳбари вазифасини бажарувчи Рамзон Қодиров Туркия президенти Тоййиб Эрдўғанга Чеченистондан қочиб, Туркия ҳудудида яшириниб юрган террорчиларни топширишни сўраб мурожаат қилди. Шунингдек у Истанбул аэропортидаги терактга Аҳмад Чатаев алоқадор бўлган тақдирда, унинг ҳаракатлари учун жавобгарликни Ғарб, Грузия ва бошқа мамлакатларнинг махсус хизматлари ўз зиммасига олиши керак. 

"Мен Туркия ва Россия алоқалари қайта тикланаётганидан хурсандман. Фурсатдан фойдаланиб, Туркия президенти Тоййиб Эрдўғандан яна бир марта террорчиларни топшириш тўғрисида қарор қабул қилинишини сўрайман", - дея ёзиб қолдирди Қодиров ўзининг Instagram'даги саҳифасида. 

Шунингдек у турк раҳбариятига террорчиларни номма-ном атаб, уларни топширишни сўраб бир неча маротаба мурожаат қилганини таъкидлади. "Агар турк ҳукуматига террорчилар ҳақида маълумот керак бўлса, яна бир бор уларнинг номларини такрорлайман: Тархан Газиев, Аҳмад Умаров, Аҳмад Патаев, Ширвани Басаев, Маҳран Саидов, Ризвон ва Усама Якубовлар, Асланбек Вадалов, Мовсар Чатаев, Хади Аласхонов, Рустам Наурбаев ва уларнинг мафкуравий устози Мовлади Удугов. Мен Анқарага борганимда ўша пайтдаги ИИВ вазири Бешир Аталайни улар томонидан хавф-хатар кутилиши мумкинлиги тўғрисида шахсан огоҳлантирганман. Менга террорчиларни топшириш ҳақида қарор қабул қилинишини айтиб ишонтиришган, бироқ бу амалда тасдиғини топмади", - дея маълум қилди Қодиров. 

Чеченистон раҳбари Истанбулдаги террактга Чатаевнинг алоқадорлигига изоҳ берар экан, у Россиядан "оддий босқинчи" сифатида кетгани, кейинчалик Австрия, Грузия ва Туркияда уни террорчи қилиб тарбиялашганини таъкидлади. "Ғарб, грузин ва бошқа махсус хизматлар Россияга аччиқ қилиб, Чатаевдан террорчи тарбиялашган. Шу боис бу ўринда улар Чеченистон томон боқмай, жавобгарликни ўз зиммаларига олишлари керак бўлади", - дейди Қодиров.