Саудия Арабистони Ички ишлар вазирлиги АҚШнинг Жиддадаги консуллиги биноси яқинида портлашни амалга оширган худкуш покистонлик бўлгани ҳақида маълум қилди.

Ассошиэйтед Пресс маълумотига кўра, вазирлик Покистон фуқаросининг шахсига аниқлик киритган. Бу 34 ёшли Абдулла Калзар Хон эди. Жиддада у оиласи ва ота-онаси билан 12 йилдан буён яшаб келган, ҳайдовчи сифатида фаолият юритган.

Покистон ҳукумати ҳозирча бу хабарга муносабат билдирмади.

4 июль кунига ўтар кечаси Саудия Арабистони ҳуқуқ-тартибот органлари худкуш томонидан йирик теракт содир этилиши олди олинди. АҚШ консулхонасида ўзини портлатмоқчи бўлган террорчи мақсадига ета олмагач, полициячилар олдида портловчи қурилмани ҳаракатга келтирган. Натижада 2 полициячи шикастланган.

5 июлга ўтар кечаси Саудия Арабистонида яна портлашлар содир бўлди. Саудия Арабистонининг Мадина шаҳридаги мусулмонлар учун табаррук – Муҳаммад (с.а.в) масжиди яқинида мамлакат хавфсизлик хизматининг 4 нафар ходими худкуш террорчиларнинг қурбонига айланди.