АҚШда илк бор Суперменнинг севгилиси ролини ижро этиб, ном қозонган актриса Ноэль Нилл ҳаётдан кўз юмди. Бу ҳақида Entertainment Weekly маълум қилди.

Актриса 95 ёшида ўзининг Аризонадаги уйида узоқ давом этган касалликдан вафот этди.

Нилл "Супермен" (1948), "Атом одам Суперменга қарши" (1950) фильмларида, шунингдек "Суперменнинг саргузаштлари" (1952-1958) телесериалида Лоис Лейн ролини маҳорат билан ижро этган.

Актрисанинг бу туркумдаги фильмлардаги иштироки шу билан чекланиб қолмади, 1978 йилда Нилл "Супермен" фильмида Лейннинг онаси ролини ўйнади, 2006 йилда эса унга "Суперменнинг қайтиши" лентасида Лекс Люторнинг рафиқаси ролини ижро этиш насиб этди. 

"У меҳрибон, меҳнаткаш, қувноқ, фидокор, серғайрат аёл эди", - деди актрисанинг расмий биографи Ларри Уорд.  

Унинг сўзларига кўра, юқорида қайд этилган хислатларнинг барчаси унинг экрандаги қаҳрамони - Суперменнинг дугонасига ҳам хос бўлган. Лейн актриса ҳаётида шунчаки роль бўлиб қолмай, у учун муҳим аҳамият касб этган.