Ўзбекистон сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институтида “Ўзбекистонда сабзавотчилик, полизчилик ва картошкачилик соҳаларида илм-фаннинг ўрни ва истиқболлари” мавзуида илмий-амалий конференция бўлиб ўтди. Бу ҳақда “ЎзА” хабар бермоқда.

Кейинги йилларда институт жамоаси томонидан юзга яқин янги нав, жумладан, помидорнинг “Ситора”, бодрингнинг “Зилол”, лавлагининг “Диёр”, пиёзнинг “Сунбула”, қалампирнинг “Жайҳун”, тарвузнинг “Шарқ неъмати”, “Чиллаки”, қовуннинг “Гулоби”, “Лаззатли”, картошканинг “Тўйимли”, “Ақраб”, бақлажоннинг “Феруз”, “Сурхон гўзали” каби навлари яратилди. Айни пайтда кўплаб навлар маҳаллийлаштирилди. 

Баҳор ойларида пиёз тақчил бўлишининг олди олинди. Институт олимлари яратган пиёзнинг “Сунбула” нави августда экилиб, айни баҳорда, ушбу маҳсулотнинг қишки захираси тугаган пайтда пишиб етилади. Гектаридан 70-80 тонна ҳосил беради. 

Картошканинг «Тўйимли», «Умид», «Ақраб», «Диёра», “Пском”, “Серҳосил”, “Сарнав”, “Кўксарой” навлари деҳқонларимизга маъқул келмоқда. Ҳозир Тошкент, Самарқанд, Фарғона вилоятларининг тоғолди ҳудудларида картошкадан мўл ҳосил етиштирилмоқда. Жумладан, Наманган вилоятидаги элликка яқин фермер хўжалигида кечки навлар экилиб, гектаридан 250 центнергача ҳосил олинаётган бўлса, Чортоқ туманидаги картошкачилик хўжаликлари 270 центнергача ҳосилдорликка эришмоқда.

2013 йилда Жанубий Кореянинг халқаро ҳамкорлик агентлиги билан биргаликда бир йўла 260 минг дона кўчат етиштиришга ихтисослашган компьютерлаштирилган иссиқхона ташкил этилди. Майдондаги иссиқлик, намлик ва сувга бўлган талаб автоматик бошқарилади. Иссиқхонада экилган уруғлар тўлиқ ўсиб чиқиши ва касалликлардан холи бўлиши кафолатланган. Помидор кўчатлари 60 кунда тайёр бўлади. Талаб асосида бу ерда турли уруғлардан  йил давомида кўчат етиштирилмоқда.