Ягона умумреспублика процессинг маркази Woy-Wo‘ интернет-тўловлар ягона порталини ишга туширди, деб маълум қилинди марказ матбуот хизматида.  

Порталда баъзи интернет-дўконлардаги маҳсулотлар, шунингдек, уяли алоқа, интернет-провайдерлар, суғурта компаниялари хизматлари, коммунал хизматлар ва шу кабиларга ҳақ тўлаш мумкин. Етказиб берувчиларнинг рўйхати ҳозирча катта эмас, у ҳали шакллантирилмоқда.

Портал яратувчиларининг таъкидлашича, портал электрон тижоратнинг иштирокчилари – харидорлар ва савдогарларни бевосита боғлайди, бу эса тўловларни амалга ошириш билан боғлиқ харажатлар ва маҳсулот ёки хизматларни сотишга кетадиган вақтнинг камайишига олиб келиши керак. 

Порталда ёки Uzcard’да қайд қилинган фойдаланувчилар ўз логин ва паролларидан Woy-Wo'да ҳам фойдаланишлари мумкин бўлади.

Порталнинг мобиль версияси ва мобиль дастурлар яқин орада ишга туширилиши керак.