Миллий матбуот марказида “Ўзбекинвест” экспорт-импорт миллий суғурта компанияси томонидан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига кўрсатилаётган хизматларга бағишланган матбуот анжумани ўтказилди. Бу ҳақда “ЎзА” хабар бермоқда.

Жорий йилнинг ўтган даврида 14 филиал ва 145 ҳудудий суғурта бўлимлари орқали 34,4 миллиард сўм суғурта мукофотлари йиғилиб, қарийб 10 миллиард сўмлик суғурта қопламалари тўлаб берилгани қайд этилди.

– Тадбиркорлар учун «Тадбиркорлар қалтисликларини комплекс суғурталаш», «Ҳунармандлар мол-мулки суғуртаси», «Гаровга қўйилаётган мол-мулк суғуртаси», «Баҳоловчиларнинг касб жавобгарлиги суғуртаси»,  «Меҳмонхона бизнесини комплекс суғурталаш», «Юк суғуртаси» каби 50 дан ортиқ суғурта турларини таклиф этмоқдамиз, – дейди компания департаменти бош инспектори Сайфулло Мирзоев. – Йилнинг ўтган даврида тўрт мингга яқин суғурта шартномаси тузишга эришилди.

Суғурта хизматлари кўрсатишда замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланилмоқда. Суғурта хизмати тўловини электрон тарзда тўлаш, “СМС хабардор этиш” каби хизматлар мижозларга қулайлик яратмоқда.