Канаданинг Онтарио вилоятида айиқларга ов қилган собиқ овчи ва боксчи Рик Нельсон урғочи айиққа бехосдан тўқнаш келгандан кейин у билан жангга киришишга мажбур бўлди, деб хабар бермоқда CBC.

61 ёшли эркак ити билан сайр қилиб юрганда буталар орасида барибал айиқчасини сезиб қолди. Айиқча эркакдан чўчиб кетиб, чинқириб қолган.

"Мен айиқча онасини чақираётган бўлса, мушкул вазиятга тушиб қолганимни билардим. Она айиқ жон-жаҳди билан чопиб келарди, мен у синдираётган шохлар овозини эшитардим", деб эслади воқеани Нельсон.

Айиқ югуриб келиб, орқа панжаларига турганда собиқ овчи ҳам жанговор ҳолатга туриб, свинг усулида (узоқ масофадан туриб ён томондан мушт тушириш) айиқнинг тумшуғига зарба беришга ҳаракат қилди, бироқ унинг тишларига тегди. Айиқ жавоб зарбаси билан эркакнинг биқини ва юзига тегди.

Боксчининг кейинги мушти йиртқичнинг тумшуғига тегди, бу орада айиқ бола яна чинқириб, муштлашувдан ўзини четга ола бошлади.

"Бу ҳақиқат они бўлди: она айиқ нимани танлайди? Боласи ортидан кетадими ёки мен билан шуғулланишда давом этадими?", деб қўшимча қилди Нельсон.

Унинг айтишича, она айиқ ўгирилиб, ортига бир назар ташлаб ҳеч нарса бўлмагандай нари кетган. Нельсоннинг таъкидлашича, унинг омади келган ва умуман олганда одамлар айиқлардан қўрқмасалар бўлади.   

"Қора айиқлар улар олдида болалари бўлмаганда унча хавфли эмас. Эҳтимол, улар биздан биз улардан қўрққандан кўра кўпроқ қўрқсалар керак", деб хулоса қилди овчи.