Ёрдон қишлоғида яшовчи Зиёдахон опа (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ҳар куни олтмиш саккизга кирган қўшниси Ҳалима холанинг уйига кириб, ҳол-аҳвол сўраб, гаплашиб ўтиришни канда қилмасди. Катта қизи ва набираси хорижга ишлагани кетишган эди. Уч ой аввал набираси Акмалжон қайтиб келгач, бағри тўлиб кўнгли яйраб қолди. Зиёдахон опа кечки пайт боғчадан қайтаётиб, Ҳалима холанинг ҳовлисига кирди. Дарвоза ёпиқ, лекин қулфланмаган эди. Кеча йўқлаб келган кенжа қизи билан Шоҳимардонга тушиб кетган, набираси Акмалжон ухлаб ётган бўлса, безовта қилмай деган ўйда уйга кирмасдан ортга қайтди.

Соат ўн бирларгача рўзғор юмушлари билан овунди. Челакда сув олгани кўчага чиқиб, “Яна бир хабар олайчи” дея Ҳалима холанинг ҳовлисига кирди. Қор энлаган ҳовлида эрталабки, ўзиникидан бошқа қадам йўқлигига ҳайрон бўлиб, айвонга кўтарилди. “Хола қизининг уйига кетган бўлса, нега набираси ҳалигача турмадийкин”, дея икки табақали айвон эшигини тортди. Эшик бир оз очилиб, ичкарига илинган илгаги кўзга ташланди. Тирқишдан бармоғида илгакни очиб, ичкарига кирди. Хола ётиб турадиган хонанинг эшигини чертиб, чақирди. Ҳеч ким овоз бермади. Эшикни очиб қараса, полда бошини кўрпага ўраб ётибди. Рўмоли печка мўрисига илинган, каравотидаги тугунлар ечилган, тинтилган эди. Тағин “Ҳалима хола, Ҳалима хола”, дея уйғотмоқчи бўлди. Хола қимир этмади. Бирор кор-ҳол бўлдимикин, деган ўйда кўчага чиқди.

Рўпара келган мактаб қоровулига “Ҳалима хола беҳуш ётганга ўхшайди”, деди. Бирга набирасини мактабдан олиб чиқишди. Қизча “Мен қўрқяпман”, дея ичкарига кирмади. Мактаб ҳамширасини бошлаб чиқиб, ичкарига киришди. “Нафас олмаяпти, жон берганга ўхшайди, врач керак”, деди у.

Ўн дақиқа ўтиб шифокор аёл етиб келди. Ҳалима холанинг бошини кўтарди. Оғзи ва кўзи очиқ, томоғи кўкарган эди. “Хонадан чиқинглар, қотиллик бўлибди”. Зиёдахон, қоровул ва ҳамшира кўчага чиқишди. Холанинг қизи, набираси, тез тиббий ёрдам, ИИБ ходимлари етиб келишди. Акмалжоннинг курткаси чўнтагидаги 50 минг сўм пули йўқ, афтидан қотил очолмаган сандиқдаги пуллар эса жойида эди.

Қиш ойлари тоғли қишлоққа бегона одам камдан-кам қадам ранжида қилади. Тергов гуруҳи жиноятни шу қишлоқда яшайдиганлардан бири содир этган бўлиши мумкин, деган тахминда текшира бошлади. Марҳумнинг ҳамқишлоқлари билан суҳбат асносида бармоқ излари олинди. Айни чоғда маҳалла посбонига туман маркази ёки шаҳарга чиқиб кетган ёрдонликларни чақиртириш вазифаси топширилди. Шу маҳаллада яшайдиган, ўша куни шаҳарга кетиб қайтиб келмаган, жанозада ҳам қатнашмаган Матлаб Сўфиев қўл телефонида гаплашган посбонга “эртага бориб учрайман”, деди. 1 февраль куни терговчиларга рўбарў бўлди. Бармоқ изи олиниб, кимлардан қанча қарзи борлигини сўрашганида “фақат дўкондан 15 минг сўм қарзман”, дея ёлғон гапирди. Жиноятга дахли бўлса, рост сўзласа, енгиллик бўлиши тушунтирилгач, М.Сўфиев ростига кўчди. 

Қарзининг қолганини ҳам қайтаришини сўраб келган ошнасига ишламаётганини рўкач қилди, яна бир оз кутишни сўради. Оғзидан ароқ иси уфурди. “Бекорчидан Худо безор, ишлайман деган, иш топаяпти, бунақа ичиб ётаверсанг косанг оқарармиди”, ошнаси дашном берди. “Биттасини ишини қилиб берганман, ана мана дея ортга ташлаяпти”.

Куз бошида олган етти юз АҚШ долларининг беш юзини бўлиб-бўлиб қайтарди. Яна юз доллар бериши керак. Ўртоғи айтанидай, ичкиликни бас қилганида Водилдами, шаҳардами биронта ишнинг этагидан маҳкам тутганида, ҳеч бўлмаса мол-қўй кўпайтирганида қарзга кирмасди.

Йигирма еттинчидан йигирма саккизинчига ўтар кечаси тағин томоғи тақиллаб шишага ёпишди. “Яримта”ни бўшатди. Хаёл олиб қочди. Қўшни кекса аёлнинг қизлари хорижда ишлаб, пул жўнатишади. Ўзича пишиқ-пухта режа тузди. Набираси аллақаёққа кетган. Ўзи ёлғиз. Ухлаб ётганида, пулини ўғирлаб чиқиб кетсам-чи. Ҳеч ким билмаса керак. Тун ярмидан оққан. Соат бир яримда қўлқоп кийиб кўчага чиқди. Қўшни дарвозасининг эшигини тортди, қулфланмабди. Ҳовлининг ўнг томонидаги уй айвонига кириб борди. Ичкари хона деразасига қопланган целлофанга қулоқ тутди. Фақат бир кишининг хуррагини эшитди. Қўл фонарчасини ёқди. Бир кишининг пойафзали бор, холос. Кекса аёл ёлғизлигига ишонч ҳосил қилди.

“Уйғониб, таниб қолмасин”, дея электр автоматни ўчирди. Хуррак эшитилган ўнг тарафдаги хона эшигини очганида уйғониб ўрнидан турган аёлга рўбарў келди. “Дод солмасин”, дея кўйлагининг ёқасидан ушлаб хона ичига судради. Полга юзтубан йиқитиб, бўға бошлади. Типирчиламай қолгач, туриб қўл фонарини ёқди. Каравотдаги кийимлар, тугунларни титди. Чап деворга тиралган сандиқ қулфланган эди. Уриниши зое кетди, ололмади. Ўнг тарафга турган жомадон, чарм сумкада ҳам пул йўқ экан. Каравот устидаги спорт сумкасининг чўнтагини титкилаб, ундаги пулларни олиб чўнтагига тиқди.

Ортига ўгирилиб қараса хола жонсиз ётибди. Марҳуманинг устига кўрпа ташлаб қўйди. Айвонга чиқиб ичкаридан эшикни илгагини солди. Айвоннинг адёл билан тўсилган деразасидан ҳовлига тушиб, кўчага чиқиб кетди. Эрталаб чарм курткадан олган пулларни санади. Эллик минг сўм экан.

Кўчага чиқди. Қўшни уй тараф жим-жит эди. Пешиндан кейин соат иккиларда қўшнининг уйига ИИБ ходимлари келганини кўриб, Фарғона шаҳридаги коллежда ўқиётган қизидан хабар олгани кетди.

Суд қўшнисининг ҳаётига зомин бўлган М.Сўфиевни ўн етти йил муддатга озодликдан маҳрум қилди.