Бугун Европа чемпионатининг биринчи финалчиси аниқланади. Лионда Тошкент вақти билан23:55да Португалия ҳамда Уэльс терма жамоалари ўртасидаги ўйин бошланади. Бу ўйинда нафақат Европа чемпионатининг финалчиси аниқланади, балки...

Ҳар икки жамоа етакчилари Криштиану Роналду ҳамда Гарет Бэйл «Реал»да ажойиб мавсум ўтказишди ва чемпионлар лигасида ғалаба қозонишди. Шу сабаб ҳар икки футболчида ҳам жаҳон ва Европанинг энг яхши футболчиси бўлиш имконияти юқори.

Португалия мусобақани «F» гуруҳида жуда омадсиз бошланди. Дастлабки икки ўйинда нурсиз ўйин кўрсатган Сантуш шогирдлари Исландия ва Австрия билан 1:1 ўйнашди. Охирги турдагина уларнинг ўйини очилди, лекин Венгрия билан ҳам 3:3 ҳисобида дуранг натина қайд этилди. Бироқ уч очко Португалияга гуруҳдан чиқиш имконини берди.

Криштиану Роналду жамоаси 1/8 финалда Хорватияга тўқнаш келди. Ўйиннинг асосий вақтида ҳисоб очилмади. Қўшимча бўлимларнинг охирги дақиқалари ўтиб бораётганда эса Рикардо Куарежма жамоасига ғалаба келтирган голни киритди. 1/4 финалда Португалия Польша билан баҳс олиб борди. Бу ўйиннинг асосий ва қўшимча вақтлари 1:1 ҳисобида якунланди. Пенальтилар сериясида Португалиянинг омади келди. Шундай қилиб Роналду жамоадошлари бирорта ҳам ўйиннинг асосий вақтида ғалаба қозонмай, Европа чемпионатининг ярим финалигача етиб келди.

Уэльс Европа чемпионатини «В» гуруҳида бошлади. Биринчи турда Крис Колман шогирдлари Словакияни 2:1 ҳисобида мағлуб этишди. Иккинчи турса эса Англияга 1:2 ҳисобида енгилишди. Учинчи турда Россияни 3:0 ҳисобида таслим қилган Гарет Бэйл жамоадошлари гуруҳда биринчи ўринни эгаллашди.
Уларга 1/8 финалда Шимолий Ирландия рақиблик қилди. Бу баҳсда Уэльс 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди. 1/4 финалда эса жамоа мусобақадаги энг ажойиб ўйинини кўрсатиб, Бельгиядан 3:1 ҳисобида устун келди.

Португалия ҳамда Уэльс терма жамоалари ўртасидаги ўйиндан олиб бориладиган онлайн трансляцияни tribuna.uz сайтида кузатиб боринг.