Барча муаммолар диққатнинг бўлинишига бориб тақалади. Ҳеч эътибор берганмисиз, ташқи таъсир остида сиз кўпроқ овқат ейишга мойил бўласиз. Сўнгги тадқиқотларга кўра, инсонга энг ёмон таъсир кўрсатадиган нарса – бу смартфон. Буни қарангки, смартфон семиришга олиб келар экан. Қандай қилиб дейсизми? Марҳамат, бу маълумотлар сиз учун!

Жисмоний машқлар ва вақт

Машқлар учун вақт ажратиш – ҳозирги замонда осон эмас. Фитнес клуби учун ажратилган бир соат вақт қандай ўтиб кетганини билмай қоласан киши. Бейлор университетининг социологларининг сўнгги тадқиқотлари шуни кўрсатдики, талабалар бир суткада 8 соатлаб смартфонларига тикилиб ўтиришар экан. Шундай кетаверса, қоматни сақлаб қолиш жиддий муаммога айланиши аниқ. 

Қулай уй шароити

Инсонлар борган сари бўш вақтини ўз уйида ўтказишга мойил бўлиб қолишмоқда. Ҳақиқатдан ҳам, бутун олам қўлингда бўлганидан кейин бирор ерга боришнинг ҳожати ҳам қолмайди. Ҳаттоки ёз “кичик ҳаёт”дан навбатдаги фаслга айланиб қолди: кўз олдингда экран тураверса, ёнингда нималар содир бўлаётганини сезмай қолиш ҳеч гапмас. 

Таом ва мия 

Овқатланиш пайтида мия ошқозонга тўйиш даражаси ҳақида сигналлар юборади. Ҳар қандай чалғитувчи омил бу сигналларнинг тўғри қабул қилинишига ҳалақит беради. Оддий қилиб айтганда, овқат вақтида бутун эътиборингизни таомга қаратмасангиз, тўйганингизни билмай қоласиз ва натижада меъёрдан кўп егуликлар еб қўясиз. 

Зарарли маҳсулотлар

Орландо Университети олимлари оддий тажриба ўтказишди. Респондентларнинг бир гуруҳи буткул сокин шароитда таом танлаб, истеъмол қилиши керак бўлган – ҳеч қандай телевизор ва китобларсиз. Иккинчи гуруҳ аъзолари эса кўнгилларига келган шароитда бу ишларни амалга ошириши сўралган. Бунинг натижасида ҳаттоки арзимаган чалғитувчи омил инсонни зарарли маҳсулотларни танлашга етаклаши аниқланган.  Бутун диққатини таомга қаратган гуруҳ эса тўғри маҳсулотларни танлаган. 

Англаб овқатланиш

Муаммонинг ечими осон ва оддий: таом истеъмол қилаётганингизда бор эътиборингизни унга қаратинг. Электрон почтангизни текширманг, сериал кўрманг – буларга алоҳида вақт ажратиш мумкин. Овқатнинг мазасини ҳис этинг, уни тўғри чайнанг. Тахминан икки ҳафта севимли гаджетингизсиз ўзингизни ноқулай ҳис этасиз, кейин эса бунинг яхши томонларини кўра бошлайсиз.  Шундай экан, асосий қоидани унутманг - Овқат пайтида чалғиманг!