Анқара расмий Бишкекка Истанбулдаги халқаро аэропортда теракт содир этганликда гумонланган Қирғизистон фуқаросининг шахсини ҳозирча маълум қилмади. Бу ҳақда Қирғизистон ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

"Туркия томони аэропортдаги терактда бизнинг мамлакат вакили ҳам қатнашганлигини билдирди бироқ унинг шахси ҳақида ҳеч нарса маълум қилмади", - деди матбуот хизмати. Матбуот хизматининг бошқа бир вакили хабар беришича, гумонланувчининг исм-фамилияси, паспорт серия ва рақами ҳақида маълумотлар берилса, “вазиятга ойдинлик киритилишини осонлаштирган бўлар эди”.

Аввалроқ Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Истанбул аэропортида бўлган портлашда турли давлат, жумладан, Қирғизистон фуқароси ҳам борлигини маълум қилган эди.