6 июль Ўзбекистон масжидларида Рамазон ҳайити муносабати билан ҳайит намози тадбирлари бўлиб ўтди.
Ўзбекистон раҳбарининг 2016 йил 1 июлдаги “Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ бу йил ҳам юртимизда ушбу айём байрам қилинмоқда. Ўзбекистондаги барча жомеъ масжидларида мўмин-мусулмонлар ҳайит намозларини эмин-эркин адо этиб, Яратгандан юртимиздаги тинчлик-осойишталик, тўкин-сочинлик ва фаровонлик бардавом бўлишини тилаб, дуо қилди. Бир-бирини байрам билан табриклаб, совғалар улашди.

Бу йил “Ҳазрати имом” марказий масжиди ҳар йилгидан-да намозхонлар билан гавжум бўлди. Муфтий ҳазратлари барчани ушбу улуғ байрам билан қутлаб, тинч ва осуда юртда яшаётганимиз, хотиржам ибодатлар қилаётганимиз учун Яратганга такрор ва такрор шукроналар айтдилар. Жомега ташриф буюрган 50 мингдан зиёдроқ намозхонлар эмин-эркин ҳайит намозини адо этиб, бир-бирларини байрам билан самимий муборакбод этишди. Моҳи маҳбубнинг файзу таровати юзларида балқиб турган  намозхонлар, кўзларидан оққан севинч ёшини беркитолмадилар. Қалблар эриб турган шу фурсатларда кетма-кет дуолар қилдилар.  

Андижон вилоятидаги масжидларда ҳам муборак ҳайит намози ўқилди. 

– Яратганга шукр, муборак Рамазон ҳайитини яхши кайфиятда, кўтаринки руҳда ўтказаяпмиз, – дейди Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Андижон вилоятидаги вакили, вилоят бош имоми Нуриддин Холиқназаров. – Аҳолига байрам шукуҳини сингдириш, диний амалларни адо этиш учун яратиб берилаётган имкониятларни тушунтириш мақсадида маҳаллаларда кенг кўламли тушунтириш ишлари олиб бордик.
Жумладан, Андижон вилояти Олтинкўл туманидаги жоме масжидларида эрта тонгда ўқилган намоздан сўнг нуронийларимиз Яратгандан  юртимиз равнақи, бахту иқболини, мустақиллигимизнинг бардавом бўлишини сўраб дуога қўл очдилар. Ҳайит намозига келган инсонлар юз-кўзига боқиб,  бугунги кундан беадад шукроналик ҳиссини туясиз.
- Ушбу айём кунлари кексаларга алоҳида ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш, беморлар ҳолидан  хабар олиб ғамхўрлик ва ёрдам кўрсатиш каби хайрли анъаналаримиз янада ёрқинроқ намоён бўлади, - дейди Олтинкўл қишлоқ фуқаролар йиғини раиси Исомиддин Мирзавалиев.  

 

Сурхондарё вилоятида ҳам муборак Рамазон ҳайити миллий қадриятларимизга мос юксак савияда нишонланмоқда. 
Саховат, эзгулик байрами муносабати билан вилоятдаги маҳалла ва қишлоқларда, ҳар бир хонадонда ободонлаштириш ишлари амалга оширилди, кўча ва хиёбонлар, ариқ-зовурлар тозаланди. Тарихий обида ва муқаддас қадамжолар, қабристонлар атрофи тартибга келтирилди.

Ҳақиқатан ҳам, Ҳайит байрами хурсандчилик, шукроналик байрами. Зеро, тинчлик-омонлик, тансиҳатлик, Рамазонга бериладиган ажру-мукофотлар кўплиги айнан байрам қилинишига асосий омилдир, десак муболаға бўлмайди. Гуноҳлардан покланган қалб, эзгуликка тўлади. Эзгуликка лиммо-лим диллардан тўкилган дуолар эса бешак ижобат бўлгай, иншоаллоҳ!
Масжидга келган нуроний отахонларимиз ана шундай қутлуғ, фалак дарвозаси очилган дамларда юртга тинчлик-фаровонлик, дастурхонларга тўкинлик, қут-барака, келаси йил Рамазон ойларига ҳамда ҳайит кунларига бекаму-кўст етиб бормоғлигимизни сўраб дуолар қилишди.
Барчамизга яна бир бор Рамазон ҳайити муборак бўлсин, азиз Юртдошлар.

Мақола Muslim.uz ва Uza.uz материаллари асосида тайёрланди