Андижон вилоятида жорий йилда 27 массивда намунавий лойиҳалар асосида 1 минг 139 уй қад ростламоқда. Ушбу замонавий массивларда жорий йил дастурига асосан 39,1 километр ичимлик суви, 27,1 километр электр энергияси, 35,7 километр газ тармоқлари ва 24,4 километр йўл қурилиши белгиланган. Бу ҳақда “ЎзА” хабар бермоқда.

Қишлоғимиз ҳудудида ўтган йиллар давомида намунавий лойиҳалар асосида 100 уй қурилган бўлса, жорий йилда яна 47 янги уй барпо этилмоқда. Бу уйлар қишлоғимизга замонавий қиёфа бағишлаш билан бирга, одамларнинг онгу тафаккурини, ҳаётга, меҳнатга муносабатини тубдан ўзгартирмоқда, фаровонлигини  юксалтирмоқда, – дейди Андижон тумани “Хакан” қишлоқ фуқаролар йиғини раиси Ўткир Йўлдошев.

Янги уйлар табиий газ, ичимлик суви билан таъминланган, алоҳида канализация қудуғи ҳамда иситиш тизимига эга. Кўчалари кенг, йўл четларига мевали ва манзарали дарахтлар экилган, уйларга кириш йўлакчаларига махсус плиталар ётқизилган.