Чехиянинг Avast! антивирусини ишлаб чиқарувчи Avast Software компанияси рақобатчиси AVG Technologiesни сотиб олди, деб хабар қилмоқда антивируснинг расмий веб-саҳифаси. 

Avast AVGнинг ҳар бир акциясига 25 доллар ҳисобидан жами 1,3 млрд доллар тўлайди. Компания мазкур молиявий амалиётни бажариш учун маблағни Credit Suisse Securities, Jefferies ва UBS Investment Bankларни ўз ичига олувчи консорциумдан олган. AVG бош қароргоҳи Нидерландияда жойлашган бўлиб, унга ҳам Чехияда асос солинган эди. 

Avast бир неча ой мобайнида AVG билан бирлашиш амалиётини якунлайди. Хабар қилинишича, AVG директорлар кенгаши, ўз акциялари эгаларини битимга розилик билдиришга чақирган. 

Битимнинг бош мақсади, антивирус бозорининг «Касперский лабораторияси» ёки McAfee каби етакчи намоёндалари билан рақобат қилишда ўз ўрнини мустаҳкамлашдан иборат. Мазкур келишув амалга ошгач, AVG ва Avast тизимлари биргаликда 400 млнга яқин қурилмага хизмат кўрсата бошлайди. Шундан 160 млни смартфонлар, планшетлар ва бошқа турдаги мобиль қурилмалардир. Ҳозирда, Avast Software мижозлари сони 230 млнга яқин.