7 июлда Англиянинг Бирмингем шаҳридаги металл чиқиндиларни қайта ишлаш маркази Hawkeswood Metal’да деворнинг қулаши оқибатида 5 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда Ғарбий Мидлендс графлиги полицияси маълум қилди.   

"Биз ҳозирча бугун эрталаб содир бўлган воқеани аниқлаштириш бўйича ўтказилаётган терговнинг бошида турибмиз. Қайғу билан 5 киши ҳаётдан маҳрум бўлганини маълум қиламиз", деб айтди ҳуқуқ-тартибот муассасалари вакили Марк Пэйн.

Воқеа Нечеллс туманининг саноат ҳудудида юз берган. Ўт ўчириш-қутқарув бригадаларининг маълумотларига кўра, марказ ҳудудидаги одамлар устига темир  буюмлар жойлашган бетон девор қулаб тушган.

Графлик тез тиббий ёрдам хизматининг таъкидлашича, воқеа жойига етиб келган шифокорлар "5 эркакнинг ҳаётини қутқариб қолиш учун ҳеч нарса қилиша олмаган". "Яна бир эркак қулаган бетон девор остида қисман сиқилиб қолган, бироқ вайроналар орасидан мустақил чиқа олган", деб айтилди хизматда. Эркакка оёқ синиши ташхиси қўйилиб, у шифохонага жўнатилган.