Бразилия полицияси келишилган ўйинлар ташкил этишда гумон қилинган жиноий гуруҳни қўлга олди. Бу ҳақда Globo телеканали хабар тарқатди.

Телеканал маълумотига кўра, футбол учрашувлари натижаларига алоқадор фирибгарликда гумон қилинган етти киши айни вақтда ҳибсда. Улар ҳудудий доирадаги қуйи дивизионларда келишилган учрашувларни ташкил этиш билан шуғулланган. Улар ўйинни сотишга рози бўлган мураббийлар ва футболчиларга пул тўлаб келишган. Бу шахслар Хитой, Малайзия ва Индонезиядан ўйинлар натижалари учун интернет орқали ставкалар қабул қилишган.

Ҳуқуқ тартибот органлари ходимлари бу гуруҳни қўлга олиш учун бошланган тадбирни "Game over" ("Ўйин тугади". -таҳр. Трибуна.уз) деб аташган.

Ҳозирча қўлга олинганлардан фақат бирининг номи ошкор қилинган. У "Америка ди Риу-Прету" клубининг 33-ёшли собиқ дарвозабони Карлос Энрике Франко Луна. Ҳозирча жараёнга алоқадор батафсил маълумотлар берилмаган.

Манба: Tribuna.uz