Европа теннис федерацияси Туркияда ўтказилиши белгиланган ёшлар ўртасидаги қитъа чемпионатини ва бошқа турнирларни бу мамлакатда терактлар хавфи сақлаб қолинаётгани учун бекор қилган. Бу ҳақда Россия теннис федерацияси сайтида маълум қилинган.

Жами бўлиб Туркия ҳудудида июль ва август ойларида ўтказилиши керак бўлган 7та турнир бекор қилинган.

"Европа теннис федерацияси миллий федерациялар билан турнирларни бошқа жойда кечиктирмасдан ўтказиш бўйича иш олиб бормоқда", - дейилган хабарда.

28 июнь куни кечқурун Истанбул шаҳридаги аэропортга террорчилар ҳужум уюштириши оқибатида 45 киши ҳалок бўлди, шундан 19 нафари хорижлик. Теракт натижасида яна 240 киши жароҳатланган.