Бугун Европа чемпионатининг иккинчи финалчиси аниқланади. Марселда Тошкент вақти билан соат 23:55да Франция ҳамда Германия терма жамоалари финал йўлланмаси учун майдонга тушишади. Ўйинни италиялик Николо Риццолли бошқариб боради.

Франция терма жамоаси лақабларидан бири «Хўрозлар» ҳисобланади. Бир неча соатлардан кейин французлар ўз майдонларида кечаётган турнирда ўзларини қай даражада мезбон сифатида тутиши, яъни қандай «қичқириши»ни кузатамиз. Қайд этиш керакки, бугунги учрашувда мезбонлар таркибидаги етакчи футболчилар Оливье Жиру ва Лоран Косьелни Германия терма жамоаси етакчиларидан бири, «Арсенал» клубидаги жамоадошлари Месут Ўзилга қарши ўйнади.

Германия мусобақани «C» гуруҳида бошлади. Украина ва Шимолий Ирландияни мағлуб этган немислар Польша билан дуранг ўйнашди. Шу тариқа гуруҳда биринчи ўринни олган Германия 1/8 финалда Словакияга тўқнаш келди ва 3:0 ҳисобида зафар қучди.

Чорак финалда Германия жиддий тўсиққа учради. Италия билан ўйиннинг асосий вақти ва қўшимча бўлимларида дуранг натижа қайд этилди. Фақат пенальтилар сериясидагина немисларга омад кулиб боқди. Шу тариқа, жаҳон чемпионлари ярим финалгача етиб келишди.

Мезбон Франция терма жамоаси «А» гуруҳидан жой олди. Албания ва Руминияни мағлуб этган французлар Швейцария билан дуранг ўйнашди. Гуруҳда биринчи ўринни эгаллаган Дешам шогирдлари 1/8 финалда Ирландияга тўқнаш келди. Кутилмаганда бу ўйинда ирландлар мезбонларга жиддий қаршилик кўрсатди ва Франция катта қийинчлик билан 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди.

Чорак финалда эса мусобақа кашфиёти Исландия Францияга қаршилик қила олмади. Мезбонлар 5:2 ҳисобида рақибни таслим этишди.

 TRIBUNA.UZ сайти ушбу учрашувдан матнли трансляция уюштиради