WBA ва WBO бокс версиялари бўйича ўта оғир вазн тоифасида жаҳон чемпиони британиялик Тайсон Фьюри ва украиналик Владимир Кличко ўртасидаги реванш жанги 29 октябрда Манчестерда бўлиб ўтади. Бу ҳақда Фьюри твиттерда маълум қилди

Аввалроқ Фьюри Instagram’даги саҳифасида жароҳати туфайли Кличко билан 9 июлга белгиланган жанг қолдирилганини маълум қилганди. 2015 йил ноябрда Германияда бўлиб ўтган биринчи жангда Фьюри Кличкони ҳакамларнинг бир овозлик қарори билан ютганди ва IBF, WBO ва WBA версиялари бўйича жаҳон чемпиони унвонларини қўлга киритганди. Кейинроқ боксчи чемпионлик камарини мажбурий ҳимоя қилиш жангини ўтказишдан бош тортгани учун IBF унвонидан маҳрум қилинганди.

"Жанггача 16 ҳафта қолди. Сабрсизлик билан кутмоқдаман", деб ёзди Фьюри "manchesteroctober29" хэштеги остидаги хабарда.

Аввалроқ Кличко менежери Бернд Бенте ҳам Фьюри билан жавоб жанги 29 октябрда Манчестерда бўлишини маълум қилганди.

Фьюри профессионал рингда ҳали бирор марта мағлубиятга учрамаган, унинг ҳисобида 25 та жангда 25 та ғалаба бор. Кличко эса ўз ҳисобида 64 та ғалаба ва 4 та мағлубиятга эга.