ЮНЕСКО томонидан 2001 йилдан бери инсониятнинг номоддий мероси ва оғзаки ижоди дурдона сифатида эълон қилиниб келинади. Бундан кўзланган асосий мақсад номоддий маданий меросга эътиборни қаратиш ва мазкур меросни муҳофаза қилиш ҳамда келажак авлодга беками кўст етказишдан иборатдир.

2001 йилда ЮНЕСКО давлатлар ва ноҳукумат ташкилотлари ўртасида мазкур масалага бағишланган ижтимоий сўров ўтказди ва 2003 йилда Номоддий маданий меросни муҳофаза қилишга бағишланган Конвенция қабул қилинди. Шу кунга қадар 88 мамлакатнинг аждодлардан авлодларга асрлар оша ўтиб келаётган 300 та дурдонаси – урф-одат, анъана, байрам, таом, халқ оғзаки ижоди, қўшиқ, рақслари Инсониятнинг номоддий мероси рўйхатига киритилган. Жумладан, ўзбекларнинг Катта Ашуласи (2009), Наврўз (2009), “Шошмақом” (2003, 2008), Бойсун маданияти (2001, 2008) бу рўйхатга киритилганлигини эслатиб ўтиш керак.

Европа ва Осиё маданиятлари чорраҳасидаги Грузиянинг ноёб полифоник (кўп маъноли) қўшиқлари ҳам 2001 йилда ЮНЕСКО Номоддий маданият мероси рўйхатига киритилган.

Тарихчиларнинг сўзларига таяниб (бошқа халқларининг санъатларини камситмаган ҳолда) шуни таъкидлаш керакки, жаҳонинг бирор бир нуқтасида грузинларнинг хор қўшиқларига ўхшаш санъат сақланиб қолинмаган. Грузин полифоник қўшиқлари мусиқа кашф қилинган даврдан бери ижро этилиб келинади. Асосан, эркаклар жамоаси (айрим ҳоллардагина аёллар жўр бўлади) ижро этиладиган полифоник қўшиқлар бугунги кунда ҳам грузин жамиятининг ажралмас қисми бўлиб келмоқда. Бундан грузинлар фахр туйғусини ҳис қилишади.

Грузин халқ мусиқаси Ғарбий Европа маданиятидан аввал пайдо бўлгани таъкидланар экан, 1500 йиллик тарихга эгалиги айтиб келинади. Грузияда, асосан, эркаклар куйлайди. Қўшиқлар уч овозда ижро этилади. “Бу қўшиқлар тана ва руҳни ўзаро бир-бири билан боғлайди”, дейишади грузинлар. Грузияда қўшиқларнинг икки - шарқий Грузия ва ғарбий Грузия тури мавжуд. Грузияда мусиқа ва халқ қўшиқлари худди черков мусиқаси сингари асрлар оша авлоддан авлодга ўтиб келмоқда. Бу қўшиқлар Грузия ижтимоий ҳаётида - байрам ва тантаналарда муносиб ўрин эгаллаб келади. Ўзида гўзалликни, қудратни акс эттирадиган грузин хор қўшиқлари ҳақиқий саньат асари экани тан олинган.

Таҳлилчилар Грузия полифоник мусиқа марказларидан бири бўлганини айтишади. Грузин халқи қадимдан қўшиқчилик санъатида ўзини кўрсата олган. Эрамиздан аввалги 8-4 асрларга оид меҳнат, ҳарбий ва хор қўшиқлари ҳақида ёзилган тарихий ҳужжатлар сақланиб қолинган. Эрамиздан аввалги тўртинчи асрда яшаб ўтган тарихчи Ксенофонт ўз асарларида замонавий Грузиянинг жанубий-ғарбида истиқомат қилувчи халқлар ҳақида ёзар экан, “улар ўз душманларига қарши жангга қўшиқ куйлаб кирадилар”, деб маълумот беради. Географ Страбон (эрамиздан аввалги I асрда) одамлар байрамларда хор қўшиқларини куйлаши хақида ёзиб қолдирган.  Бу қўшиқларни ижро этувчи - мествирелар бир вақтнинг ўзида ҳам хонанда, ҳам бастакор, ҳам шоир бўлишган.

1976 йили АҚШнинг NASA фазовий агентлиги коинотга “Во́яджер” зондини юборди. Аппаратда сайёрамизда истиқомат қилувчи халқларнинг энг сара  мусиқалари ёзилган олтин пластинка хам бор эди. Ўшанда бошқа куй ва қўшиқлар орасида грузинларнинг “Чакруло” қўшиғи хам фазога жўнатилди.

Кимда ким ўзи учун  грузин полифоник қўшиқлари эшикларини очар экан, бу қўшиқлардан ҳузурланади, ором олади. Айнан полифоник мусиқа грузинлар табиатини акс эттирган. Бу санъатнинг шу кунга қадар сақланиб, етиб келишининг сабабларидан бири грузинларнинг ўз тарихларига содиқлигидадир.

Эндиликда грузин қўшиқлари нафақат бир миллатнинг, балки бутун инсониятнинг дурдонаси ва қадриятига айланган.

 

Шарофиддин Тўлаганов