Хитой 2010-2015 йиллар давомида Сахара жанубидаги мамлакатлардаги электр иншоотларини қуришга 13 миллиард доллар инвестиция қилган. Бу ҳақида Халқаро энергетик агентликнинг ҳисоботига асосланиб, РИА “Новости” хабар қилди

“2010 йилдан 2015 йилга қадар Хитойнинг Африка мамлакатларидаги электр иншоотлари секторининг ривожланишига ажратган заём, кредит ва тўғридан-тўғри хорижий инвестициялари 13 миллиард долларни ташкил қилган, бу минтақанинг ушбу секторига ажратилаётган хорижий инвестицияларнинг 1/5 қисми, демакдир”, дейилади ҳисоботда.  

Хитой компаниялари 2010 йилдан 2020 йилгача бўлган давр мобайнида минтақанинг 54 мамлакатидан 37тасида 200дан ортиқ лойиҳани амалга оширади. Лойиҳаларнинг 90 фоизи Хитойнинг 5та асосий давлат компаниялари Sinohydro, Gezhouba, SEPCO, CWE, CNEEC томонидан амалга оширилади. 

Хитой компаниялари турли электр иншоотлари қуришмоқда: қуёш энергиясида, шамол энергиясида, биомассада, газда; бироқ энг асосийси – гидроэлектр станциялари.  

 “Хитойнинг Африка ва бошқа мамлакатлардаги турли лойиҳалари уларнинг компаниялари халқаролашувига ёрдам беради. Хитой иқтисодиётининг секинлашуви, шунингдек ишлаб чиқариш қувватининг меъёридан кўплиги Хитой компанияларини мамлакат ташқарисидан мижоз излашга мажбур қилади”, - дейилади тадқиқотда.

Манбага кўра, хитойлик инвесторлар Африкадаги саноатлаштириш ва иқтисодий ривожланишни Хитой товарларини минтақага экспорт қилишда муҳим қадам деб ҳисоблашади.