Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида яшовчи аёл 61 ёшида она бўлди, деб ёзмоқда China Daily. Аёлнинг тўлиқ исми келтирилмаган, ОАВ уни Чжан деб атаган.

Аёл 27 июнда соғлом ўғил фарзанд дунёга келтирди, бироқ бу ҳақда энди маълум қилинмоқда. Боланинг вазни 2,95 кг ни ташкил қилган. 

5 июлда чақалоқ ота-онаси билан уйига қайтди. Бола отасининг ёши 66 да.

Чжан ҳомиладор бўлиш учун сунъий уруғлантириш усулидан фойдаланди. У 2015 йил ноябрида ҳомиладор бўлган. Аёлнинг айтишича, кўпчилик уни бу иши учун телба деб ҳисоблаган. Чжаннинг тушунтиришича, икки йил аввал унинг 30 ёшли қизи туғруқ вақтида вафот этгани сабабли бундай қадамга йўл қўйган.

Доя Хэ Цзиннинг тан олишича, дастлаб у Чжанни кимгадир ҳамроҳлик қилаётган буви деб қабул қилган. "Мен биринчи марта  ўзимдан катта ёшли ҳомиладор аёлни кўришим", деб айтди шифокор. Унинг айтишича, агар Чжан ҳомиладор бўлишдан аввал уларга мурожаат қилганида, улар аёлни бу фикридан қайтаришга уриниб кўришарди.

Доянинг айтишича, Чжан воқеаси – мўъжизадир ва умуман олганда кекса ёшда ҳомиладор бўлишдан қочган маъқул. 

Аввалроқ москвалик аёл 60 ёшида биринчи марта оналик бахтини тотгани маълум қилинганди.