Tesla президенти Илон Маск унинг компаниясига Американинг йирик ОАВ иштирокида кенг қамровли фитна уюштирилганини таъкидлади. Бу ҳақида Hi News хабар қилди

Компаниянинг расмий матбуот релизига кўра, ёвуз ниятли журналистлар Tesla акцияларининг баҳосига таъсир ўтказиш учун компания маҳсулотини мақсадли равишда қоралаган. 

Июнь ойида The Daily Kanban нашри компания сиёсатини фош қилувчи мақола чоп этган. Унга кўра, Tesla ўз мижозларини автомобилларидаги носозликлар ҳақида гапирмасликка ундайди. Электромобилнинг ҳар бир харидори уни қўлга киритиш вақтида автомобилдаги техник носозликларга доир маълумотларни ташқарига чиқармаслик тўғрисидаги битимни имзолаши керак. 

Маълумотларга кўра, АҚШ ҳаракат хавфсизлиги миллий бошқармаси бу иш юзасидан текширув олиб борган. Tesla вакиллари бундай айбловларни рад этиб, ҳеч бир мижоз бундай битимни имзоламагани ҳақида расман хабар қилишди. Улар The Daily Kanban журналисти Эдвард Нидермайер компанияга доим салбий муносабатда бўлиши ва унинг ёпилишига кун санашини билдиришди.

Яқинда содир бўлган электромобиль аварияси бу воқеалар атрофидаги гап-сўзларни янада болалатди. Аксарият оммавий ахборот воситалари Илон Маск ва унинг компаниясига ташланишди. Маск ўзининг Twitter’ида у ва унинг компанияси атайин уюштирилган фитнанинг қурбони бўлганлигини таъкидлади. 

Маскнинг тахминлари асосли: Tesla’га қарши ҳақиқатда фитна уюштирилган бўлиши мумкин, унинг бошида эса электромобилларга ўтишга қаттиқ қаршилик қилган миллиардерлар ака-ука Дэвид ва Чарльз Кохлар турган бўлса ажаб эмас. Уларнинг нефтни қайта ишлаш билан шуғулланишини ҳисобга олсак, табиий ёқилғига қарамликни камайтириш Кохларни қониқтирмайди, албатта. Шундай экан, Илон Маскнинг компаниясидан қутулиш учун бир неча миллион сарфлаш улар учун ҳеч гап эмас.