Ҳиндистоннинг Ражастон штатида содир бўлган иккита автоҳалокатда камида 24 киши нобуд бўлиб, 55 киши тан жароҳати олган, деб хабар қилмоқда Doordarshan телеканали. 

Биринчи ҳодиса Бхилвара округи Бандор шаҳрида 7-июлга ўтар кеча юз берган. Аравасида 50дан ортиқ кишини олиб кетаётган трактор тепалик йўлида шағал олиб кетаётган юк машинаси билан тўқнашиб кетган. 13 киши ҳаётдан кўз юмган, 40 киши жабрланган. 

Иккинчи бахтсиз воқеа Сирохи округида 7 июль эрталаб содир бўлган. Юк машинаси билан тўқнашган автобус ағдарилиб кетиши натижасида 11 киши ҳалок бўлиб, 15 киши яраланган. 

Айтиш жоизки, Ҳиндистон йўлларининг ачинарли ҳолати ва ҳайдовчиларнинг малакасиз бошқаруви жиддий автоҳалокатларга сабаб бўлади. Расмий маълумотларга кўра, мамлакатда ҳар куни 400 киши автоҳалокат қурбони бўлса, бир йилда салкам 150 минг одам шу каби фожиалар туфайли ҳаётдан кўз юмади. 

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти эса, бу рақам сўнгги йилларда бирмунча ошиб, бир йилда 200 минг атрофида инсон қурбон бўлишини таъкидлайди. 

 

Фото:© Flickr