Аргентина терма жамоаси ҳужумчиси Лионель Месси ва унинг отаси Хорхе Орасио солиқ тўлашдан бош тортишгани учун 21 ойлик қамоқ жазосига ҳукм қилинишди. Бундан ташқари улар 3,5 миллион евро жарима пули тўлашлари керак бўлади. Айбланувчилар чиқарилган қарор юзасидан Олий судга шикоят аризаси топширишди. Эҳтимол, футболчи панжара ортида ўтирмас, аммо у клубдан кетиши мумкин. 

Месси ва унинг отаси Испания ғазнасига 4,1 миллион евро миқдорида зиён етказиб, уч томонлама айбдор деб топилди. Шунингдек 2007 йилдан 2009 йилгача бўлган муддатда реклама шартномаларидан тушган даромадлардан солиқлар тўланмаганлиги ҳам қўшимча қилинди.  

Жумладан, суд Мессининг Banco Sabadell, Danone, Adidas, PepsiCo, Procter & Gamble ва Kuwait Food компаниялари билан тузган шартномаларини текшириб чиққан, бу компаниялар рекламасидан  10 миллион евродан ортиқ даромад қўлга киритилган ва бу маълумотлар ҳукуматдан эгри йўллар билан яширилган.

Суд мажлиси давомида 29 ёшли футбол юлдузи ўзининг молиявий ишларига чуқур ёндашмаганлигини яна бир бор таъкидлади. “Мен футбол ўйнаш билан банд бўлганман, шу боис бу борада ҳеч нарсадан хабарим бўлмаган”, - деди Месси. Бироқ ҳукумат унинг далилларини ишончли деб топмади. 

Дастлаб прокуратура фақат Мессининг отасини жазолашни сўради, (зеро футболчининг молиявий ишлари билан унинг отаси шуғулланган), агар шундай бўлган тақдирда у 1,5 йилга озодликдан маҳрум этилар эди. Бироқ давлатнинг манфаатларини ҳимоя қилувчи адвокат футболчи отаси билан бирдек жавобгар эканлигини айтиб, уларга 22 ойлик қамоқ жазоси берилишини талаб қилди. Охир-оқибат суд унинг таклифини маъқуллади ва жазони бир ойга қисқартирди ҳамда Мессини 2 миллион евро, отасини эса 1,5 миллион евро жарима пули тўлашга маҳкум этди. 

Ота-ўғил чиқарилган ҳукм устидан шикоят аризаси топширишди. Адвокатларнинг фикрича, “уларнинг ҳимоя учун етарли асоси бор”. Футболчини унинг клуби аъзолари ҳам фаол қўллаб-қувватлашди. 

Якуний ҳукм қандай бўлишига қарамай, Месси ҳам, унинг отаси ҳам панжара ортида ўтирмайди. Испания қонунчилигига кўра, агар белгиланган жазо муддати икки йилдан ошмаса, айбланувчи жазони қамоқда ўташга мажбур эмас. Шу боис бу вазиятда ҳукм шартли ҳисобланади. 

 “Кўплаб машҳур спортчилар бундай вазиятга тушишган. Уларнинг ҳам солиқ хизмати билан муаммолари бўлган, лекин ҳаммаси маъмурий йўл билан ҳал қилиниб келинган. Масалан, Икер Касильяс ёки Хави, ҳаттоки Рафаэль Надаль. Месси – бундай муаммоларга қўшимча равишда судда иши кўрилган ва қамалиш эҳтимоли бўлган ягона спортчи. Унинг Испаниядан жуда жаҳли чиққан”, - дея хабар қилди Мессига яқин манба. 

2014 йилнинг май ойида аргентиналик футболчи клуб билан навбатдаги 4 йиллик шартномани имзолаган, унга кўра, Месси “Барселона”да йилига 20 миллион евро маош олади. Бу фақат футбол ўйини орқасидан келадиган даромадлар, холос. Беш карра “Олтин тўп” соҳиби бундай можаролардан кейин шартномани охирига етказармикан? 

Британия оммавий ахборот воситаларининг маълумотига кўра, ҳукм ўқилганидан бир неча соат ўтиб, Хорхе Месси Англиянинг “Челси” жамоаси соҳиби Роман Абрамович билан учрашган. Таъкидланишича, Мессининг отаси бизнесменга унинг ўғли яқин кунларда Испанияни тарк этиши мумкинлиги ҳақида хабар қилган.