«Манчестер Юнайтед» «Ювентус»га Поль Погбани қайтариш учун рекорд даражадаги 120 миллион еврони тўлашга тайёр. Бу ҳақда Италиядаги Sky Sport Italia ва Англиядаги Daily Mail нашрлари бир вақтда хабар тарқатишди.

Gianlucadimarzio.com нашри хабарига кўра эса, манчестерликлар футболчининг ўзи билан шахсий шартнома бандлари бўйича келишувга эришган. 23 ёшли футболчи билан 5 йиллик шартнома тузилади ва унга йилига 17 миллион евролик маош тайинланади.

Ҳозирча дунёнинг энг қиммат футболчиси 2013 йилда 101 миллион евро эвазига «Тоттенҳэм»дан «Реал»га ўтган уэльслик  ярим ҳимоячи Гарет Бэйл ҳисобланади.

Погба «МЮ» тарбияланувчиси ҳисобланади. 2012 йилда у «МЮ»дан «Ювентус»га эркин агент сифатида ўтганди.

Бундан олдинроқ, Мадриднинг «Реал» жамоаси ушбу футболчини қўлга киритиши аниқ бўлгани ҳақида хабарлар тарқалганди.

Айни вақтда Франция терма жамоаси билан Европа чемпионатидаги иштирокини давом эттираётган Погба 7 июль куни Германияга қарши ярим финал ўйинида майдонга тушиши кутилмоқда. У турнирда шу вақтгача 1 голга муаллифлик қилди.

Погба ўтган мавсумда «Ювентус» сафида 49 ўйин ўтказиб, 10 гол урди ва 16 марта шерикларини голли пас билан таъминлади. Унинг ҳисобида шунингдек, 12та сариқ карточка тўпланди.

Эслатиб ўтамиз, 5 июль куни расман жамоа бош мураббийи сифатида таништирилган Жозе Моуриньо ўзи истаган 3та трансфер амалга ошгани («Вильярреал»дан ҳимоячи Эрик Байи, «Боруссия Д»дан Генрих Мхитарян ва эркин агент сифатида Златан Ибраҳимович) ва яна биттаси қолгани ҳақида гапириб ўтганди.