Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва Ҳайвонлар соғлиғини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти маълумотларига кўра, айрим мамлакатларда бир қатор  хавфли юқумли касалликлар, хусусан, куйдирги, Қрим-Конго геморрагик иситмаси бўйича вазият мураккаб бўлиб турибди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари, бош давлат санитария врачи Саидмурод Саидалиев маълумотлари асосида, “ЎзА” хабар бермоқда.

Тегишли вазирлик, идора ва ташкилотлар, илмий-тадқиқот ва тиббиёт муассасалари, санитария-эпидемиология, ветеринария соҳаси мутахассислари, жамоат тузилмалари иштирокида профилактика ва эпидемияга қарши чора-тадбирлар режаси қабул қилиниб, ҳаётга изчил татбиқ этилмоқда. Бу жараёнда жойлардаги санитария назорати, ветеринария пунктлари фаолиятини янада такомиллаштириш, озиқ-овқат маҳсулотлари сифатини қатъий назоратга олишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Амалга оширилаётган илмий-амалий ишлар натижасида куйдирги касаллиги ва бошқа хавфли юқумли касалликларни келтириб чиқарувчи табиий ўчоқлар устидан доимий лаборатория мониторинги юритилмоқда.

Олимлар ва мутахассислар арбовирусли инфекцияларнинг этиологияси, эпидемиологияси, эпизоотологиясини ўрганиш юзасидан илмий изланиш олиб бормоқда.

Айтиш жоизки, куйдирги ва Қрим-Конго геморрагик иситма касаллиги қўзғатувчиларининг асосий манбалари чорва моллари ҳисобланади. Шу боис чорва молларини ўз вақтида ветеринария кўригидан ўтказиш, юқумли касалликларга қарши эмлаш йўлга қўйилган. Мол сўйиладиган замонавий кушхоналар, майдончалар барпо этилиб, улар зарур воситалар билан жиҳозланган.   

Бундай касалликлар одамларга юққанда, яширин даври бир неча кунгача давом этади. Куйдиргида баданда яра пайдо бўлади. Қрим-Конго геморрагик иситмасида ҳарорат кўтарилиб, баданга тошмалар тошади, заҳарланиш аломатлари намоён бўлади, қон кетади. Бундай ҳолатларда зудлик билан тиббиёт ходимларига мурожаат қилиш зарур. Уйда ўзи билганича даволаниш оғир асоратларга олиб келиши мумкин. Шифохоналарда бундай хасталикларни барвақт аниқлаш ва самарали даволаш учун барча шароит яратилган.   
     
Бундай муаммолар келиб чиқишининг олдини олиш ҳар бир инсондан тиббий маданият ва ўз саломатлигига эътиборли бўлишни талаб этади. Бунинг учун соғлом турмуш тарзига, санитария-гигиена қоидаларига тўла риоя этиш лозим. Уйларда қорамол боқишда молхоналарни тоза тутиш, гўнг ва бошқа чиқиндиларнинг йиғилиб қолиши оқибатида турли инфекцияларнинг пайдо бўлишига йўл қўймаслик ҳамда дезинфекция, дезинсекция тадбирларини ўтказиш, ҳайвонларни йилига бир маротаба куйдирги касаллигига қарши профилактик эмлатиш, ҳайвонларда бирор-бир касаллик аломатлари кузатилганда дарҳол  ҳудудий  ветеринария хизматига мурожаат этиш даркор.