Ўзбекистондаги йирик кимё корхонаси “Навоийазот” АЖ умумий қиймати 1,8 млрд АҚШ доллари бўлган учта лойиҳа устида иш олиб бормоқда. Бу ҳақда “Халқ сўзи” газетасига берган интервьюсида “Ўзкимёсаноат” АЖ бошқарма бошлиғи Нормат Ибрагимов айтиб ўтган. 

“Шу кунларда “Навоийазот” АЖнинг йирик кимё корхоналарида умумий қиймати 1,8 миллион АҚШ долларилик учта лойиҳа ҳаётга татбиқ қилинаяпти. Чунончи, Хитойнинг “CAMCE Engineering” ва “HQC Shanghai” консорциумлари ҳамкорлигида республикамиз учун мутлақо янги бўлган маҳсулот — поливинилхлорид (ПВХ), каустик сода ҳамда метанол, Япониянинг “Мицубиси корпорейшн” ва “Мицубиси хэви индастриз” компаниялари билан биргаликда аммиак ҳамда карбамид тайёрловчи қувватларни барпо этиш, Швейцариянинг “Касале” компанияси кўмагида эса азот кислотасини ишлаб чиқариш комплексини янгилаш бўйича ишлар олиб борилаётир”, - деди Ибрагимов. 

Бунинг самараси ўлароқ, электр энергияси сарфи бир тонна азот кислотаси ишлаб чиқаришда беш карра, аммиак тайёрлашда эса икки баробар камаяди. Муҳими, қарийб 1500 та иш ўрни яратилади.

Кимё саноатини 2020 йилгача ривожлантириш дастурига мувофиқ эса, умумий қиймати 2,65 миллиард АҚШ долларилик 23 та лойиҳа рўёбга чиқарилиши мўлжалланмоқда. Бу пировардида 15 турдаги янги маҳсулот тайёрлашнинг йўлга қўйилиши билан диққатга сазовордир.