АҚШ ҳарбий ҳаво кучлари, Суриядаги жангнинг энг ҳал қилувчи онларида, иттифоқчиларини ўз ҳолларига ташлаб қўйгани жанговар амалиётнинг барбод бўлишига сабаб бўлган, деб ёзмоқда The Washington Post.

Газета манбаларининг ҳикоя қилишларича, 28 июнь куни америкалик учувчилар мухолифатнинг Сурия шарқидаги Абу Камол шаҳрига ҳужумини ҳаводан қўллаб-қувватлаш бўйича жанговар топшириқ олган. Жанг энг қизиган паллада учувчилар бу ҳудудни тарк этиш ва қўшни Ироқдаги Ал-Фалужа шаҳри чеккаларига зарба бериш борасида кўрсатма олишган. 

Пентагон вакили Крис Ҳарвернинг сўзларига кўра, ҳарбий қўмондонлик ИШИДнинг Ал Фалужада ҳаракатланаётган йирик автокарвонини йўқ қилишни маъқул кўрган. Бунинг натижасида, Озод Сурия армияси жангчилари Абу-Камол остонасида чекинишга мажбур бўлишган. 

Нашрнинг ёзишича, мазкур амалиётнинг барбод бўлиши, АҚШнинг минтақада диний экстремистларга қарши тура оладиган маҳаллий жанговар бўлинмаларни ташкил этиш режасини чиппакка чиқарган. Бундан ташқари, нашр Қўшма Штатларнинг бир амалиётни бажариш учун ҳарбий салоҳиятини катта ҳудуд бўйлаб у ёқдан бу ёққа жалб этаётганини важ қилиб, унинг минтақада йирик кучлари борлигини шубҳа остига қўйган. 

АҚШ етакчилигидаги 66 давлатдан иборат халқаро коалиция 2014 йилдан бери ИШИД эгаллаб турган ҳудудларни бомбардимон қилади. Суриядаги ҳарбий ҳаракатлар эса, расмий ҳукумат розилигисиз ташкил этилмоқда. 
Архив фото: © AP Photo/ helan M. Ebenhack