Франция Brexit қароридан сўнг, Буюк Британия миллий валютасининг қадрсизланиши ортидан, дунёнинг энг йирик иқтисодиётлари рейтингида Бирлашган Қиролликдан ўзиб, бешинчи ўринга кўтарилиб олди, деб хабар қилмоқда Рейтер агентлиги ўз ҳисоб-китобларига таянган ҳолда. 

Агентликнинг қайд этишича, дунёнинг энг йирик иқтисодиётлари рейтинги, мамлакатлар миллий валютасининг ҳисобот давридаги ўртача курси асосида ишлаб чиқилади. Буюк Британияда 23 июнь куни бўлиб ўтган референдумдан сўнг, мамлакат фуқаролари Бирлашган қиролликнинг ЕИ таркибидан чиқишини маъқуллаган. Бу эса, фунт-стерлингнинг қадрсизланишига олиб келган. Шунга кўра, Франция миллий валютасининг алмашув курсига кўра, Британияни иқтисодиёти ҳажми бўйича осонгина ортда қолдирган. 

ХВЖнинг сўнгги маълумотларига кўра, Буюк Британиянинг 2015 йилги ЯИМ ҳажми 1,864 триллион фунт стерлингни ташкил этган. Британия фунти 5 июнь кунги савдоларда 1,17 еврогача пасайган. 2015 йили Британия ЯИМ 2,172 триллион еврога тенг бўлгани эътиборга олинса, Бирлашган қироллик  2,182 трлн еврони ташкил этган Франция ЯИМ ҳажмидан ортда қолади. 

Буюк Британия ва Франция бундан аввал ҳам жаҳоннинг йирик иқтисодиётлари рейтингидаги ўринларини бир неча бор алмашган. Хусусан, 1997 йили бу борада Францияни ортда қолдирган Британия 2008 йилги молиявий инқирозда унга ўрнини бўшатиб берган эди. Аммо, 2014 йилда яна бешинчи ўринга кўтарилиб олганди. 

Жаҳон банки маълумотларига кўра, 2015 йилда дунёнинг энг йирик иқтисодиётлари рўйхатида АҚШ биринчи, Хитой иккинчи, Япония учинчи ва Германия тўртинчи ўринни эгаллаган эди.