Россиядаги «Матч ТВ» телеканали Германиянинг ARD телеканали «Краснодар» футболчиларининг допинг синовидан ўта олмагани ҳақида тарқатган маълумотларини рад этувчи ҳужжатларни эълон қилди.

ARD журналисти Хайо Зеппельт томонидан ишланган ҳужжатли фильмда келтирилишича, 2014 йили Россия Федерацияси Спорт ишлари вазири Виталий Мутко «Краснодар»нинг легионер футболчиларидан бирининг қонида гексалерин моддаси топилгани ҳақидаги маълумотни яширган. ARD бу воқеага оид ёзишмалар акс этган скриншотларни келтирган.

Зеппельтнинг фильмида Москва антидопинг лабораторияси собиқ раҳбари Григорий Родченков ва Спорт вазирлиги ходими (АВ инициали - исми ва отаси исми бош ҳарфлари) иштирокидаги ёзишма келтирилган. Немислар ВЛ ва ЮД инициалларини эслашиб, ВЛ - Виталий Леонтьевич Муткони, ЮД эса вазирнинг ўринбосари Юрий Дмитриевич Нагорнихни ифодалашини айтишган.

2014 йилнинг 17 августида «Ростов»га қарши ўйиндан (2:0) сўнг кубанликлар жамоасидан Одил Аҳмедов ва Рагнар Сигурдссон допинг назоратидан ўтишган. 

Россия антидопинг хизматининг РФИга  18 август куни юборган хатида келтирилишича, 17 августда ўтказилган дастлабки текширув Аҳмедовнинг пробасида гексарелин моддаси «бўлиши мумкинлиги»ни кўрсатган. Шу билан бирга 20 август куни ўтказилган тасдиқловчи анализ Аҳмедов тақиқланган модда қабул қилмаганини кўрсатган.

2014 йилнинг 17 июль куни Россия антидопинг агентлиги (РУСАДА) Виталий Муткога «Ростов» — «Краснодар» ўйинидан кейинги допинг синовига алоқадор хат йўллаган. Унда шундай дейилади: «Аҳмедов ва Сигурдсоннинг пробаларида тақиқланган модда топилмади».

2016 йилнинг 17 июнь куни «Матч ТВ» РУСАДАнинг Муткога йўллаган хатига эга бўлган. Бу хат телеканал сайтига жойлаштирилган.

Манба: Tribuna.uz