Samsung Electronics компанияси соҳада биринчи бўлиб ўта тезкор, алмаштирилувчи  UFS флеш-карталарини тақдим қилди. Уларни турли гаджетлар – смартфон, фаблет, виртуал реаллик қурилмалари, экшен-камералар ва бошқалар учун митти қаттиқ дисклар (SSD) сифатида қабул қилиш мумкин.

UFS (Universal Flash Storage) – истеъмолчилик электроникаси учун флеш-хотираларнинг умумий спецификацияси бўлиб, кенг ишлатилувчи eMMC’га нисбатан истеъмол қилинадиган энергия бир хилда камайишида унумдорликни сезиларли оширишни таъминлайди.

Янги карталар JEDEC Universal Flash Storage (UFS) 1.0 Card Extension Standard стандартига асосланган. UFS карталари ўлчами microSD хотира карталариники каби 11 × 15 мм ни ташкил қилади. Шу билан бирга контактларнинг жойлашиши мутлақ бошқача. 

UFS карталари microSD’га қараганда унумдорликнинг бир неча баробар юқорироқ кўрсаткичларини таъминлайди. Кетма-кет ўқиш тезлиги 530 Мбайт/сония бўлиб, бу оддий microSD карталарникидан 5-6 баробар тезроқни ташкил қилади. Кетма-кет ёзиш тезлиги эса 170 Мбайт/сонияни ташкил қилади, бу microSD карталарининг энг яхши кўрсаткичларидан 2 баробар кўпроқдир. 

UFS карталарида IOPS кўрсаткичи (бир сонияда кириш-чиқиш операциялари сони) ўқишда 40 мингни, ёзишда 35 мингни ташкил қилади. Бу эса анъанавий microSD карталарининг тегишли қийматларидан мос равишда 20 ва 350 баробарга кўпроқдир.

Биринчи босқичда UFS карталар 32, 64, 128 ва 256 Гбайт лик ҳажмда таклиф қилинади. Ҳозирча бу карталарнинг савдога чиқарилиши муддати ва нархи ҳақида маълумот берилмаган.