Германиянинг Volkswagen автоконцерни ва Жанубий Кореянинг электр техникаси ишлаб чиқарувчи LG компанияси ўзаро ҳамкорлик қилиш тўғрисидаги келишувни имзолади. Компаниялар ахборот алмашинувида булутли хизматдан фойдаланувчи мультимедиа тизимининг янги авлоди устида бош қотирмоқда. 

Келажакда, ҳайдовчи янги дастурий таъминот воситасида ўзининг «ақлли уйи»га боғланиб, сигнализацияни текшириши, чироқни ўчириши мумкин бўлади. Бундан ташқари, интерфейснинг қулайлиги сабаб, ҳайдовчи мультимедиа тизимининг ахборот хабарларини «тушунарли ва хавфсиз усулда» ўқий олади.

Бугунги кунда деярли барча йирик автомобиль ишлаб чиқарувчилар, маълумотларни сақлашнинг булутли хизматидан фойдаланувчи бу каби тизимлар устида иш олиб бормоқда. 

Хусусан, Hyundai компанияси яқин йилларда бир-бири билан ўзаро "гаплашадиган" машиналар пайдо бўлишини эълон қилган эди. Аввалроқ, Toyota ва Microsoft Техас штатида, барча "ақлли" машиналарнинг "бош мия маркази" бўлиб хизмат қиладиган махсус "дата-хаб"ни барпо этишларини маълум қилганди. 

Маълумки, LG компанияси 2007 йилдан бери турли автомобиль компанияларига мультимедиа тизимларини етказиб беради. 2015 йили Volkswagen автоконцернига тегишли Italdesign Giugiaro дизайн-ательеси LG  электроникаси билан жиҳозланган GEA концепт карини намойиш қилганди.