Янги зеландиялик миллиардер Грэм Харт ўзининг Ulysses ("Улисс") яхтасини сотувга қўйди. Бу ҳақда Yacht Harbour хабар бермоқда.

30 йўловчига мўлжалланган яхта 107 метр узунликка эга бўлиб, Норвегиянинг Kleven верфида қурилган ва 2016 йилда эгасига топширилган. Кема корпуси пўлатдан, устқурмалар эса алюминийдан ясалган. Яхта жамоаси 40 кишини ташкил қилади. Яхтанинг максимал тезлиги соатига 31 км ни ташкил қилади. Олти палубали яхтада сауна, 11 х 5 метрлик бассейн, вертолёт учун майдонча бор.

Яхтанинг конструктив хусусияти унинг бортида 21 метрлик тендернинг (елканли кема) борлиги ҳисобланади, у сувга махсус кран ёрдамида туширилади. Яхта Норвегиянинг Marin Teknikk бюроси томонидан лойиҳаланган, интерьери эса Лондондаги H2 студияси томонидан яратилган. Kleven верфи учун бу яхта суперяхталар қуришдаги биринчи тажриба бўлди, верф асосан юк ташувчи, шатакка олувчи, нефт қазиб олувчи платформалар учун таъминловчи кемаларни яратиш билан шуғулланади. Ҳозирда верф миллиардернинг буюртмаси билан узунлиги 116 метрлик яна бир яхта қурмоқда.

Сотилаётган яхтанинг нархи ошкор қилинмаган, унинг савдоси билан Burgess ва Fraser Yachts брокерлик фирмалари шуғулланмоқда.

Грэм Харт – Янги зеландиялик тадбиркор ва молиячи ҳисобланади. У 7,2 млрд долларлик давлати билан Forbes журнали бўйича дунёнинг энг бадавлат одамлари орасида 183-ўринда туради ва Янги Зеландиянинг энг бой одами ҳисобланади.