Расмий Анқара НАТОдан Туркия миллий хавфсизлигини таъминлаш учун таҳдидларга қарши фаолроқ кураш бошлашини кутмоқда. Бу ҳақда мамлакат президенти Ражаб Тойиб Эрдўған НАТО саммити арафасида маълум қилган.

Шимолий Атлантика альянси саммити Варшава шаҳрида 8-9 июль кунлари давомида ўтказилади.

"Хавфсизликка таҳдид туфайли жиддий ўзгаришлар бўлади. Альянс янги таҳдидлар қаршисида ўз ҳаракатларини фаоллаштириши, тузилма янгиланиши керак. НАТО Туркия миллий хавфсизлиги учун жиддий ҳаракатларни амалга оширишини кутамиз", деган Эрдўған Варшавага учиб кетиш олдидан ўтказилган матбуот анжумани вақтида.

Туркия раҳбари мамлакат хавфсизлигига таҳдид солаётган кучлар сирасига ИШИД, "Ал-Қоида", Сурия курдлари демократик иттифоқи, Сурия курдлари халқ қўшини ва Курдистон ишчилар партиясини киритган.