Бағдод яқинидаги шиалар мақбарасига жангариларнинг ҳужуми оқибатида камида 35 киши ҳалок бўлди ва яна 60 киши жароҳат олди. Бу ҳақда Ироқ хавфсизлик хизматига иқтибос келтирган ҳолда Reuters ахборот агентлиги хабар бермоқда. 

Террорчилар 7 июлда Саид Муҳаммад ибн Али ал-Ҳодий мақбараси дарвозаси ёнида Ийд ал-Фитр байрами муносабати билан ўтаётган тадбир пайтида миналаштирилган автомобилни портлатган. Сўнгра ўнга яқин қуролланган жангарилар мақбарага бостириб кириб, зиёратчиларни автоматлардан ўққа тута бошлаган. Жангарилар шунингдек гранатомётлардан ҳам ўқ узган.

Полициянинг маълум қилишича, террорчи-худкушлардан бири ўзини портлатишга улгура олмаган ва хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ўлдирилган.

Бу теракт Бағдоддаги йирик терактдан 4 кун ўтиб содир этилди. 3 июлга ўтар кечаси Бағдодда иккита портлаш содир этилди: биринчи терактда Ал-Қаррада туманида миналаштирилган автомобиль портлатилди, иккинчи теракт аш-Шаъб бозори ёнида содир этилди. Терактлар учун жавобгарликни ИШИД террорчилик гуруҳи ўз зиммасига олди.