СВОЖЖДЛҚК департаментининг Бағдод туман бўлими томонидан ўтказилган тадбирда ҳудуддаги Мўйлави қишлоғида яшовчи Лолахон Қодирова (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ўз хонадонида қонунга хилоф равишда истеъмолга яроқсиз ош тузини қадоқлаб, улгуржи сотиш билан шуғулланиб келганлиги аниқланди. Бу ҳақда “Ҳуқуқ” нашри ёзмоқда. 

У 800 дона қадоқланган “Парвоз” ош тузини харидорга 320 минг сўмга сотган вақтида ушланди. “Ишбилармон” аёлнинг хонадонида 2180 дона қадоқланган туз ашёвий далил сифатида олинди. Суриштирув жараёнида Л.Қодирова тузни Қўштепа туманида яшовчи фуқаро А.Қўзибоевдан сотиб олаётгани маълум бўлди.

Ушбу ҳолат бўйича ўтказилган тадбирда туз қўштепалик Араббой Қўзибоев ва Фарғона тумани Дамкўл қишлоғида яшовчи унинг шериги Исмоилжон Усманов томонидан Навоий вилоятидан келтирилаётганлиги аниқланди.

Ўзаро тил бириктириб, белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтмасдан истеъмол талабларига жавоб бермайдиган ош тузини ўтказиш билан шуғулланган И.Усманов, А.Қўзибоев ҳамда Л.Қодировага суд томонидан ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.