АҚШнинг Даллас шаҳрида (Техас штати) бўлган тартибсизликларда беш нафар полиция ходими ўлдирилди. Уларга қарата ўт очган уч нафар жиноятчи қўлга олинди, яна бири, дастлабки маълумотларга кўра, ўз-ўзини ўлдирган.

Тартибсизликларга сабаб икки нафар афроамерикаликнинг ўлдирилиши бўлди. Аввал 5 июль куни Луизиана штатининг Батон-Руж шаҳрида икки нафар полиция ходими бир эркакни ерга йиқитишади, сўнгра улардан бири уни отиб ташлайди. Эртаси куни эса Миннесота штатининг Фолкон-Хайтс шаҳрида ҳам номаълум воқеалар бўлиб ўтади.

Шундан сўнг АҚШнинг кўплаб шаҳарларида норозилик акциялари бошланиб кетди. Далласдаги митинг эса фожиа билан якунланди.

Ўзи нималар бўлди?

Маҳаллий полициянинг айтишича, номаълум кимсалар полиция ходимларига қарата ўқ узган. Натижада беш нафар одам ўлган, 12 нафари яраланган.

Маҳаллий полиция шефи Дэвид Брауннинг маълум қилишича, отишма милтиқлардан амалга оширилган.

Далласдаги отишмалар мамлакатнинг бошқа шаҳарларида ҳам акс-садо берди. Кўпчилик оммавий ахборот воситалари воқеа жойидан тўғридан-тўғри репортаж олиб боришди.

Уч киши қўлга олинди, бири эса ўз жонига қасд қилди


Аввалига ҳужумда икки киши қатнашди, деб хабар беришди. Улардан бири қисқа отишмадан сўнг, махсус аскарлар томонидан дарров қўлга олинган. Шундан сўнг унинг ёнидан шубҳали буюм топишган ва сапёрларга мурожаат этишган.

Иккинчиси эса воқеа жойидан яширинишга муваффақ бўлган ва полиция ходимлари уни топишда одамлардан ёрдам сўраган. Twitter’да эълон қилинган унинг суратидан кўриниб турибдики, у афроамерикалик бўлиб, қўлида милтиқ ушлаб олган.


Аммо маҳаллий аҳолининг ёрдамига эҳтиёж қолмади. Орадан бирмунча вақт ўтиб, унинг ўзи полиция участкасига келган ва ҳукуматга таслим бўлган.

Даллас халқи нафас ростлаб улгурмасиданоқ, полиция жиноятчиларнинг тўрт нафар бўлганлигини маълум қилди. Шаҳар яна оёққа турди. 

Учинчи гумонланувчи ҳам қаршилик кўрсатди, аммо махсус аскарлар томонидан қўлга олинди. У тириклайин ушланди.

El Centro коллежида ўраб олинган тўртинчи жиноятчи эса ўз жонига қасд этди.

Полиция ходимлари жонларини фидо этишди

Воқеалар сабаб тўрт нафар полиция офицери ва Даллас транспорт бошқармаси ходими ҳалок бўлди. 12 нафар жароҳатланганлардан фақат бир нафари оддий фуқаро ҳисобланади.

Маҳаллий хавфсизлик кучларининг маълум қилишича, жиноятчиларнинг нишони айнан полиция ходимлари бўлган.

 

Сарвар Анвар ўғли тайёрлади

 

Фото:© AFP