Бельгиянинг энг ёши улуғ эгизаклари 8 июль куни ўзларининг 103-таваллуд айёмларини нишонлашди. Питер ва Паулус Лангерок умрларининг катта қисмини бирга яшаб ўтказишди. Бу ҳақида  Reuters агентлиги маълум қилди. 

Эгизак ака-укалар оила қуришмаган ва баъзан бундан афсусланишади, чунки уларнинг на фарзанди ва на невараси бор. Лангероклар аввал суд ходимлари сифатида фаолият юритишган, ҳозир эса улар Бельгиядаги Гент шаҳри яқинидаги қариялар уйида истиқомат қилишади. Улар бир-бирларини энг яхши дўст деб ҳисоблашади. 

Питер ва Паулус Лангероклар ўз айёмларини француз қизил виноси билан нишонлашди.

Улар энг кўп яшаган эгизаклар жаҳон рекордидан ўтишига атиги 2 йил қолди. Ҳозирча бундай натижа 105 йил биргаликда ҳаёт кечирган АҚШлик эгизак ака-укалар - Глен ва Дейл Мойерларга тегишли.