Европа Иттифоқига аъзо мамлакатлар ҳукуматлари Қўшма Штатлар билан “ЕИ ва АҚШнинг махфий қалқони” номли маълумотлар алмашинуви тўғрисидаги битимни тасдиқлашди. Reuters агентлигининг хабар қилишича, у келаси ҳафтадаёқ кучга кириши мумкин. 

Маълумотларга кўра, 12 июль куни Еврокомиссия мазкур ҳужжатни расман тасдиқлайди. The New York Times газетаси икки томонлама тасдиқлаш жараёнининг 11 июлдан олдин амалга ошмаслиги ҳақида хабар берган эди, зеро шу куни АҚШ савдо вазири Пенни Прицкер Брюсселга ташриф буюради. 

Маълумотлар алмашинувига доир янги битимнинг кучга кириши, кутилганидек, америкалик ва европалик мутахассисларнинг энг йирик компаниялар томонидан океан орқали рақамли маълумот узатилишига оид мунозараларига нуқта қўяди. Ўтган йилнинг октябрь ойида Люксембургдаги Европа суди 2000 йилда тузилган аввалги битим европаликларнинг шахсий ҳаётини етарли даражада ҳимоя қилишни таъминламаслиги ҳақида қарор чиқарган эди. Австриялик шахсий маълумотлар ҳимояси учун курашувчи Макс Шремс бу ишда ташаббус кўрсатиб, суд жараёнини йўлга қўйган, у Facebook’нинг Америкадаги серверларига жўнатилаётган маълумотлар дахлсизлигига кафолат йўқлигидан шикоят қилган.