«Ҳолландияда ғалати муаммо: қамоқхоналар бўшаб қолган!». АҚШнинг The Washington Post газетаси мухбири Адам Тэйлор мана шу мавзудаги кичик постни нашрнинг интернет саҳифасида эълон қилди.

Агар Ҳолландияга борсангиз, бир нарсага ажабланасиз. У ердаги қамоқхоналар бўшаб қолган. Қироллик адлия вазирининг таъкидлашича, 2011-2015 йиллар оралиғида мамлакатдаги қамоқхоналарда сақланаётган маҳбуслар сони 27 фоизга камайган. Бутун дунёда бу кўрсаткич кўпайиб бораётган бир вақтда бу ҳайратланарли натижа. Масалан 2000-2015 йиллар оралиғида бутун дунёдаги қамоқхоналарда ҳибсда сақланаётган маҳбуслар сони 20 фоизга ошган. Таъкидлаш жоиз, бу вақт давомида умумий популяция 18 фоизга ошган.

Охирги йиллардаги кўрсаткичларга кўра, ҳозир Ҳолландияда ҳар 100 минг кишидан 57 нафари қамоқхонада. Бу борада Европада Англия ва Уэльс «етакчи». Уларда 100 минг кишидан 54таси қамоқда. АҚШда эса бу кўрсаткич «камтарона»: ҳар 100 минг кишидан 639 нафари қамоқхонада «умргузаронлик» қилади.