Баҳодир Тўраев ёши қирқдан ошиб ҳам ақли кирмаган, ҳаётда ўрнини топмаганлардан эди. У болалигидан эрка бўлиб ўсди, оилада айтгани-айтган, дегани деган эди. Вақт ўтиб, ота-она бу ўғилни талтайтириб юборишганига жуда қаттиқ афсус қилишди. Улғайгани сайин қилиғи совиб бораётган ўғилни йўлга сололмай, охири тақдирга тан беришди. Бу ҳақда “Ҳуқуқ” нашри ёзмоқда.

Икки марта суднинг “қора курси”сига ўтириб ҳам Баҳодирнинг кўзи очилмади. Оиласи билан ажрашди. Ичкиликка ружу қўйди.

Ўша куни, яъни жорий йилнинг 20 мартида ҳам у одатдагидек уйига кечга яқин маст ҳолда кириб келди. Бундай пайтда унга рўбарў келишдан юраги безиллаб қолган ота-онаси унинг беғалва ухлаб қолишини кутишди. Бироқ у алламаҳалгача хонама-хона изғиб юрди. Бир маҳал онасининг хонасида, шундоқ гиламнинг устида ухлаб қолди.

Ота барибир ота экан-да, қуруқ ерда ухлаб қолганини кўриб ўғлини уйғотишга уринди: “Тур, Баҳодир, жойингга бориб ёт”. Бедаво ўғилга шу ҳам малол келди. Отасига ўдағайлаб, сўкиб ташлади. Сабр косаси тўлиб кетган ота қаттиқроқ гапирди. Баҳодирга шу керак эди, отасининг ёқасига ёпишди. Онаси “Жон болам, нима қиляпсан”, дея ялиниб, унинг қўлига тирмашди.

Бақир-чақир қилиб ҳовлига чиққан Баҳодирнинг кўзи бир четда турган домкратга тушди. Уни қўлига олиб отасининг устига бостириб кирди. Ҳимоясиз, кекса отасини у билан аёвсиз ура бошлади. Ўртага тушган онасини ҳам аяб ўтирмади...

Суд тиббиёт экспертизасининг хулосасига кўра, Б.Тўраевнинг жиноий хатти-ҳаракати оқибатида отаси Ҳ.Тўраевга бел умуртқасининг синиши, бурун соҳасининг лат ейиши каби жароҳатлар етказилган. Шунингдек, онаси ҳам ўртача оғирликдаги жароҳатлар олган.

Суд мажлисида иштирок эта олмаган ота ҳам, ноқобил ўғилдан фақатгина жабр-зулм кўрган она ҳам уни кечирмасликларини айтиб, қонуний жазо берилишини сўради.

Жиноят ишлари бўйича Олмазор туман судининг ҳукми билан оқпадар ўғил қилмишига яраша жазога тортилди.