Саудия Арабистони ички ишлар вазирлиги охирги кунларда мамлакатда содир этилган бир қатор терактларни содир этишга алоқадорликда гумон қилинган 19 нафар кишини ҳибсга олди. Улар орасида 12 нафар покистонлик ва 7 нафар саудиялик бор, деб хабар бермоқда Al Arabiya телеканали.

Шунингдек, ҳукумат бутун дунё мусулмонлари томонидан муқаддас қадамжо ҳисобланадиган Мадинадаги Муҳаммад (с.а.в.) пайғамбар масжидлари – Масжиди Набавия ёнида ўзини портлатган террорчи номини маълум қилди. Бу кимса 26 ёшли Наир Муслим Ҳаммод Ал-Нижодий бўлиб чиқди. ИИВда худкуш аввал гиёҳванд моддалар истеъмол қилгани айтилди.

4 июлда террорчи-худкуш Масжиди Набавия ёнида ўзини портлатди. Хавфсизлик хизмати ходимлари унга масжид ичига киришга йўл беришмаган ва шунинг эвазига қурбонлар сони кам бўлишига муваффақ бўлинган: ҳужум оқибатида ҳуқуқ-тартибот муассасаларининг 4 ходими ҳалок бўлган.

Бундан бир кун аввал мамлакат шарқидаги Ал-Қатиф шаҳридаги масжидлардан бирининг ёнида иккита портлаш содир этилган.

Бундан ташқари, 4 июлга ўтар кечаси АҚШнинг Жиддадаги бош консуллиги ёнида терактнинг олди олинган. Террорчи консулликка иложи борича яқинроқ келмоқчи бўлганда автотураргоҳ ёнида жойлашган қўриқлаш хизмати ходимлари томонидан тўхтатиб қолинган. Қўриқчилар худкушни ўраб олишганда, у ўзини портлатишга улгурган.