Европа бизнеси ассоциацияси авто ишлаб чиқарувчилар қўмитаси 2016 йилнинг биринчи ярмида Россия автомобиль бозори таҳлилларини тақдим этди. 

Унга кўра, 2016 йилнинг биринчи ярмида  Россия автомобиль бозорида жами бўлиб 672,140 дона автомобиль сотилган. Бу эса 2015 йил шу даврига нисбатан 14 фоиз кам (782,4 минг) демакдир. Бундан ташқари, янги енгил ва енгил тижорий автомобиллар сотуви жорий йил июнь ойида 12,5 фоизга тушиб кетган.

Хусусан, таҳлилларда GM Uzbekistan автомобилларининг Россия бозорида сотилишига оид маълумотлар келтирилган. Унга кўра, жори йилнинг январь-июнь ойлари Россия Федерациясида GM Uzbekistan ишлаб чиқарган 8574 дона янги автомобиль сотилган.

Ушбу рақамларни 2015 йилнинг шу даврига таққослаганда савдо ҳажми 17 фоизга пастлаган (10357 автомобиль). Мисол учун, 2016 йилнинг июнида Россияда 1136 дона GM Uzbekistan автомобили сотилган бўлса, бу ҳисоб 2015 йилнинг шу даврида 1735 дона автобиль сотилганини кўрсатмоқда. Бунга мувофиқ автомобиллар савдоси ҳажми 35 фоизга камайган.