Америка Қўшма Штатлари Шимолий Кореянинг баллистик ракета синовини кескин қоралади, деб хабар қилмоқда Reuters агентлиги. 

АҚШ давлат департаменти Пхеньяннинг ракета парвозини танқид қилиб, у БМТ ХК резолюцияларига зид эканини таъкидлаган. 

«Биз Шимолий Кореяни минтақадаги шундоғам қалтис бўлиб турган тангликни кескинлаштирувчи ҳатти-ҳаракатлардан ўзини тийиб туришга чақирамиз. Пхеньян бунинг ўрнига зиммасидаги халқаро мажбуриятларини бажарса, яхши бўларди», — дейилади Америка Давлат департаменти баёнотида. 

Аввалроқ, Япония бош вазири Синдзо Абэ ҳам КХДРнинг навбатдаги ракета синовига муносабатини билдириб, ракета парвози ХК резолюцияларини кескин бузишини таъкидлаган ва халқаро ҳамжамиятни мазкур синовларни қоралашга чақирган эди. 

9 июль куни КХДР сувости кемасидан Япон денгизи томон баллистик ракета учиргани тўғрисида хабар қилинган эди.