АҚШнинг бир неча шаҳарларида мамлакат ҳуқуқ-тартибот идораларининг сурбетлигига қарши норозиликлар бўлиб ўтмоқда, деб хабар қилаяпти CNN телеканали.

Техас штати Даллас шаҳрида 7 июль куни полициячиларни оммавий ўлдириш жинояти содир бўлгач, юзлаб инсонлар шаҳар кўчаларига чиқиб, ҳуқуқ посбонларининг қурол ишлатишда ҳаддиларидан ошишларига қарши норозиликларини изҳор қилишган. Бунда асосан, қоратанлилар қурбон бўлишади. Намойишларни Американинг қоратанли аҳолиси ҳуқуқлари учун курашувчи Black Lives Matter ("Қоралар ҳаётининг қадри бор") ҳаракати ташкил этган. 

Black Lives Matterнинг маҳаллий бўлинмаси раҳбари Сир Маехорнинг сўзларига кўра, гарчи "қонун ҳимоячиларига қарши ўт очишни оқламаса ҳам, бу воқеага нима туртки бўлганини ҳам унутмаслик лозим". 

Шу ҳафта бошларида Американинг икки штатида полициячилар томонидан икки қоратанли фуқаронинг айбсиз отиб ўлдирилиши ушбу норозиликларни келтириб чиқарди. 

Унинг айтишича, АҚШ полициясининг тартибсизлиги ва ўзига эрк бериб юборгани шунчалик жиддийлашгани боис, "одамлар асабийлашиб, шунчаки ўзларини йўқотишмоқда".

Жоржия штати Атланта шаҳрида минглаб намойишчилар автомобиль кўприкларидан бирида ҳаракатни тўсиб қўйишган. Улар, полициячиларни ҳақорат қилиб, бир неча нафарини гаровда ушлаб туришибди. 

Бир неча ўнлаб қоратанли фуқаролар Луизиана штати Янги Орлеан шаҳри полиция бошқармаси олдида намойиш ташкил этган. Улар идора олдида 20 дақиқага ётиб, полиция томонидан ўлдирилганларни тасвирлашган. 

Калифорния штати Лос-Анжелес шаҳрида эса, ҳуқуқ посбонларининг ноқонуний ҳаракатларига қарши тинч норозилик намойишлари бўлиб ўтган. Улар, мамлакатдаги этник камчилик билан полиция ўртасидаги муомаланинг яхшиланишини талаб қилишмоқда. 

Таъкидлаш жоизки, бу каби норозиликлар деярли бутун мамлакат бўйлаб ташкил этилган. Колорадо, Массачусетс, Миннесота, Мичиган, Небраска, Пенсильвания каби штатларнинг турли йирик шаҳарларида бўлган намойишларда тартибсизликлар рўй бергани хусусида хабарлар йўқ.