Американинг Delta авиакомпаниясига қарашли Airbus A320 йўловчи самолёти учувчиларнинг хатоси сабабли Жанубий Дакота штатидаги ҳарбий базага қўндирилган. Бу ҳақда, The Guardian газетаси, АҚШнинг транспорт хавфсизлиги бўйича миллий кенгашга таянган ҳолда хабар қилмоқда. Ҳаво лайнери 130 нафар йўловчи билан Миннеаполис шаҳридан парвозни амалга ошираётган бўлган.

Қайд этилишича, самолёт АҚШнинг Элсуорт ҳарбий ҳаво кучлари базасига қўнган. Аслида, ҳаво кемаси базадан 16 километр узоқликдаги Рапид Сити ҳудудий аэропортига қўниши керак эди. 

Хабарларга кўра, самолёт базага қўнгач, йўловчиларга самолётни тарк этишга рухсат берилмаган, ойналарининг пардалари туширилган ва ҳарбийлар ўргатилган итлар ёрдамида ҳаво лайнери бортида текширув ўтказган. 

Delta авиакомпанияси раҳбарияти ходимларининг хатоси сабаб мижозларидан узр сўраган.