Буюк Британия ҳукумати мамлакатнинг Евроиттифоқдан чиқиш масаласига доир референдумнинг такрорий ўтказилиши ҳақидаги петицияга рад жавобини берди. Бу ҳақида петиция берилган сайтда хабар қилинди. 

Референдум парламентнинг барча палаталари томонидан яхшилаб ишлаб чиқилганлиги таъкидланди. Манбага кўра, бундай сайлов “авлодда бир марта ўтказилади” ва бош вазир Дэвид Кэмерон айтганидек, қарор ҳурмат қилиниши керак.  

Маълум бўлишича, такрорий референдум ўтказилиш ташаббусига рад жавоби берилган бўлса-да, петиция парламент томонидан кўриб чиқилади, чунки у 100 мингдан ортиқ овоз тўплаган. 

Буюк Британиянинг Европа Иттифоқидан чиқиш масаласига бағишланган такрорий сайлов ўтказилиши талаб қилинган петиция 4 миллиондан ортиқ киши томонидан имзоланган. 
 
Буюк Британиянинг ЕИдан чиқишига доир референдум 23 июнь куни бўлиб ўтди. Унда Brexit тарафдорлари 51,9 фоиз овоз тўплаб, ғалабага эришишди.