УЕФА вице-президенти, испаниялик Анхель Мария Вильяр УЕФА президенти лавозимига номзодини қўяди. Бу ҳақда As испан газетаси хабар бермоқда.

Нашр маълумотларига кўра, Вильяр УЕФА ижроия қўмитасининг 16 аъзосидан 13 нафарининг маъқулловини олди. Шунингдек, Вильяр аризалар бериш муддати тугайдиган 20 июлгача ўз номзодини қўйишини расман эълон қилмасликка қарор қилди.

Аввалроқ УЕФА президентига ўз номзодини словен Александер Чеферин ва голланд Михаэль ван Праг қўймоқчи эканликларини маълум қилгандилар.

УЕФА президенти сайловлари 14 сентябрда Афинада бўлиб ўтади.

УЕФАнинг амалдаги президенти Мишель Платини ташкилотга 2007 йилдан бошчилик қилиб келган. 2015 йил декабрда у 8 йилга футбол фаолиятидан четлатилган ва жаримага тортилганди. Кейинроқ Платинининг дисквалификация муддати 6 йилга қисқартирилганди. Французнинг Спорт ҳакамлиги судига берган шикояти қисман қондирилган – жарима 80 минг франкдан 60 минггача, дисквалификация муддати эса 4 йилгача қисқартирилганди. Шундан кейин Платини УЕФА президенти лавозимидан кетиши ва ўз номини Швейцария судларида оқлашда давом этишини маълум қилганди.