Сўнгги хабарларга кўра, Хитой ҳукумати Фуцзянь вилоятига ёпирилган "Непартак" тўфони сабаб 420 мингдан ортиқ одамни хавфли жойлардан кўчиришга мажбур бўлган, деб хабар қилмоқда Xinhua агентлиги.

Табиий офат, минтақадаги 5та аэропортнинг вақтинча ёпилиши ва 400га яқин авиапарвознинг бекор қилинишига олиб келган. 33мингдан ортиқ балиқчилик қайиқ ва кемалари портларга қайтган. Вилоят ҳудудида электр таъминоти бузилган. Жабрланганлар ҳақида маълумотлар йўқ. 

Тўфон Цюаньчжоу шаҳар округи ҳудудида қуруқликка етиб келгани хабар қилинаяпти. "Непартак"нинг асосий зарбаси шаҳарнинг Шиши уездига тўғри келган. Бу ерда, шамол тезлиги сониясига 27,8 метрни ташкил этган. Тахминларга кўра, тўфон шимоли-ғарб томон соатига 150 км тезликда ҳаракатланиб, аста-секин кучини йўқота боради. 

Аввалроқ, "Непартак" сабаб 220 минг киши кўчирилгани хабар қилинган эди. Тўфонга Микронезиядаги тарихий жангчининг номи берилган.